Линклар

Шошилинч хабар
22 январ 2025, Тошкент вақти: 19:50

Қозоғистондан Ўзбекистонга ноқонуний бензин ташиган гуруҳ ушланди


Қозоқ-ўзбек чегараси. Туркистон вилояти, Достук қишлоғи. Иллюстратив сурат.
Қозоқ-ўзбек чегараси. Туркистон вилояти, Достук қишлоғи. Иллюстратив сурат.

Қозоғистондан ерости қувури орқали бензин ташиган Ўзбекистон фуқаролари қўлга олинди.

ЎзА хабарига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида Тошкент вилояти Қибрай туманида яшовчи 39 ёшли М.М. ва 28 ёшли Х.Х. Қозоғистон фуқароси А.К. билан тил бириктириб, қўшни давлатдан Ўзбекистон ҳудудига ноқонуний йўллар билан АИ-92 маркали бензин ёнилғисини ўтказиш ва сотиш билан шуғуллангани аниқланган.

Ушбу ноқонуний иш Туркистон вилояти Сариёғоч тумани ҳудудидан Қибрай ҳудудига ер остидан ўтказилган қарийб 300 метр узунликдаги қувур ичига шланг жойлаштириш орқали амалга оширилган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани билдирилган.

“Қозоғистон фуқароси А.К.га нисбатан чора кўриш бўйича қўшни давлат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари хабардор қилинди”, дейилади хабарда.
Ўзбек–қозоқ чегара ҳудудларида яширин туннеллар топилиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

Озодлик 2024 йил декабрь ойида Қозоғистон жанубида нефть маҳсулотларини контрабанда йўли билан Ўзбекистонга ўтказиш мақсадида фойдаланилган яширин туннель топилгани ҳақида хабар берганди.

Ҳуқуқ идоралари қайдича, 450 метр узунликдаги лаҳм орқали ҳар куни 5-7 тонна ёқилғи-мойлаш материаллари яширинча олиб ўтилган.

XS
SM
MD
LG