Тошкент шаҳрида Япония кўмагида Республика ихтисослаштирилган неврология ва инсульт илмий-амалий тиббиёт маркази барпо этилади.
Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизматининг маълум қилишича, Токио ҳукумати шу мақсадда 150 миллион доллар кредит ажратмоқда.
Кредитга доир ҳужжатга Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов ва Япониянинг Тошкентдаги элчиси Такаши Хатори имзо чеккан.
Ушбу маблағ доирасида Самарқанд ва Бухородаги тиббиёт муассасаларини ускуналар билан таъминлаш ҳам кўзда тутилган.
Имтиёзли тартибда ва узоқ муддат учун ажратилаётган кредит лойиҳаси тиббий хизмат кўрсатиш тизимини такомиллаштириш ва марказнинг кадрлар тайёрлаш бўйича салоҳиятини кучайтиришга қаратилган.
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 21 январь куни Тошкентда Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танакани қабул қилган.
Расмий ахборотга кўра, ушбу учрашувда хусусий сектор лойиҳаларини амалга ошириш, япониялик инвесторлар учун махсус иқтисодий зона ташкил этиш, Ўзбекистонда Япония университетини очиш, шунингдек, профессионал таълим соҳасида ҳамкорлик қилиш муҳимлиги қайд этилган.
Таҳлилларга қараганда, икки давлат ўртасида энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим ва бошқа йўналишлардаги қўшма лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан зиёдни ташкил этмоқда.