Туркияда 38 киши қалбаки алкоголдан ўлди. Аксари – ўзбеклар ва туркманлар

Қалбаки алкогол маҳсулотлари. Иллюстратив сурат.

Истанбулда қалбаки алкоголдан ўлганлар сони 38 нафарга етди, аксари Туркманистон ва Ўзбекистон фуқароларидир. 26 кишининг аҳволи оғир ва сунъий нафас бериш аппаратига уланган, дея хабар қилмоқда турк интернет нашрлари.

Турк ОАВлари маълумотига кўра, қўлбола алкогол истеъмоли ортидан сўнгги беш кун ичида Истанбул касалхоналарига маҳаллий аҳоли ва чет элликлардан 92 киши мурожаат қилган. Улардан 38 нафари ўлган, 8 киши муолажадан сўнг шифохонани тарк этган. Шунингдек, бир киши касалхонага ётишдан бош тортган бўлса, икки киши қочиб кетган.

Айни пайтда ҳануз даволанаётган одамлар сони 46 нафарни ташкил қилади, улардан 26 нафарининг аҳволи оғир бўлиб, сунъий нафас бериш аппаратига уланган.

Sabah интернет-нашри қайд этишича, ўлганларнинг аксари Туркманистон ва Ўзбекистон фуқароларидир.

17 январда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси қалбаки алкоголдан вафот этган ўзбекистонликлар сони 16 январда 14 кишига етганини маълум қилди. Улардан олти нафари – 14 январда, тўрттаси – 15 январда ва яна тўрт нафари 16 январда ўлган. Шунингдек, жонлантириш бўлимидаги беморлар орасида уч нафар ўзбекистонлик борлиги қўшимча қилинган.

Консулхона ҳодисани суриштириш мақсадида маҳаллий ҳокимият идоралари билан ҳамкорлик қилаётганини урғулаган.

Турк мутахассислари заҳарланишга қўлбола спиртли ичимликлар ишлаб чиқаришда қўлланадиган метанол моддаси сабаб бўлганини айтишмоқда.

Вафот этганлардан қанчаси туркманистонликлар экани ҳозирча мавҳум. Туркманистоннинг Истанбулдаги Бош консуллигидан маълумот олиб бўлмади: Озодлик журналисти консулхона сайтида кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилди, аммо ҳеч ким жавоб бермади.

Истанбулда яшовчи туркман фаоли Алишер Сахатовга кўра, Туркияда туркманистонликларнинг қалбаки ичкиликдан оммавий ўлиши биринчи марта кузатилаётгани йўқ.

“2020 йилда 50 дан зиёд туркман мигрантлари ўлганди. Ўшанда Туркманистон элчихонаси жасадларни олмаган. Шу кунларда мен ватандошларим билан доимий алоқадаман. Ўтган куни эшитишимча, бизникилардан 19 киши ўлибди. Бироқ рақамлар доим ўзгариб туради. Яна бир тасдиқланмаган маълумотга кўра, бу гал Туркманистон дипломатик ваколатхонаси юртдошларимиз жасадларини моргдан олиб, ватанга жўнатишни ташкил қилибди”, дейди Сахатов.

2020 йилда Истанбулда Туркманистоннинг 53 фуқароси қўлбола алкоголдан заҳарланиб ўлган эди. Заҳарланиш ҳолатлари шаҳарнинг турли қисмларида аниқланган.

Сифатсиз қўлбола спиртли ичимликдан заҳарланиш оқибатида вафот этган туркманлар Килиос Мусевий қабристонининг қариндошлари йўқ кишиларга мўлжалланган қисмига дафн этилган. Марҳумларнинг Туркманистондаги яқинлари ковид чекловлари туфайли жанозага кела олмаганлар. Консулхона ва элчихонадан ҳам ҳеч ким дафн маросимида иштирок этган эмас.

Ўшанда одамлар ўлими учун жавобгарлик туркманистонликлар зиммасига юкланганди.

Бу гал қалбаки алкоголли ичимликлар маъданли сув шишасига қадоқланган ҳолда бир донаси учун 30 турк лираси (тахминан 1 доллар) баҳода Истанбулнинг Европа қисмидаги Башакшеҳир туманининг Зиё Кўкалп маҳалласида жойлашган туркман ошхонасида сотилган, деб ёзади Kartepe Şehir нашри.

Хабарда айтилишича, ошхона соҳиблари – Туркманистон фуқаролари бўлмиш Оғажон О. ва Омонгул Д. яшаган уйда ўтказилган тинтув чоғида 50 литр қалбаки алкогол, гиёҳванд моддалар, дорилар ва сохта миграция ҳужжатлари топилган.

Қўлбола ичкиликлар хусусий дўконлар орқали ҳам сотилган.

Мавзуга алоқадор Фарғонада бир неча киши қўлбола ароқдан заҳарланди

Истанбул шаҳри ҳокимлиги ахборотига кўра, 16 январ куни маҳаллий ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 32 862 литр ичкилик мусодара қилинган.

“Султонғози, Фотиҳ, Бакиркўй, Кучукчемеже, Чаталжа,Эсенюрт, Зейтинбурну ва Бейкўз туманларида рейдлар ўтказилди, 9 нафар гумонланувчи ушланди. Тадбирлар чоғида 227 шиша қалбаки спиртли ичимлик ва уларни ишлаб чиқариш жиҳозлари топилди. Ушланганлардан уч нафари полиция томонидан сўроқ қилингач қўйиб юборилди, олти нафари ҳамон тергов бермоқда”, дейилади шаҳар маъмурияти хабарномасида.

Ҳуқуқ идоралари қалбаки алкогол сотилган 64 та савдо шохобчасини ёпган. Турк ОАВлари хабар беришича, ушланганлардан 4 нафари “қасддан одам ўлдириш”да гумон қилинмоқда.