Қирғизистон ҳукумати юридик шахслар номларида ишлатиш тақиқланган диний атамалар рўйхатини тасдиқлаган. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати хабар қилди.
Вазирлар Маҳкамаси раҳбари Адилбек Қасималиев томонидан имзоланган рўйхатда қатор диний калима ва атамалар дохил 120 га яқин сўз келтирилган. Улар орасида, масалан, “Абу Ҳанифа”, “вақф”, “жиҳод”, “ихлос”, “эҳсон”, “маҳр”, “муборак”, “муслим”, “сажда”, “ирфон” ва бошқа сўзлар бўлиб, уларни бундан буён ширкат номларида ишлатишга йўл қўйилмайди.
Рўйхатга бошқа динлар билан боғлиқ атамалар ҳам киритилган. “Ахриман”, “Библия”, “Будда”, “Иегова”, “миллениум”, “монах” (“роҳиб”), “Тора” (“Таврот”) кабилар шулар жумласидандир.
Ўз номларида мазкур рўйхатга киритилган сўзлардан фойдаланганларга нисбатан қандай чора кўрилишига ҳозирча аниқлик киритилган эмас.
Қирғизистон президенти Садир Жапаров 2024 йил 24 июлида корхона ва фирмалар номларида диний характердаги сўз, атама ва иборалар қўлланишини тақиқловчи қонунни имзолаган эди.
Қонун лойиҳаси ташаббуси билан чиққан депутат Марлен Маматалиев бу масалани асосан молия ташкилотлари ва тураржой-қурилиш кооперативларига нисбатан кўтарган. У “тураржой кооперативлари жамоатчилик ишончини қозониш учун диний номларидан фойдаланаётгани”, “бу фаолиятда диний арбоблар ҳам иштирок этаётгани” ҳақида билдирган эди.