Мирзиёев Европа Кенгашининг янги раҳбари билан мулоқот қилди

Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта (архив сурати)

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 23 январь куни Европа Кенгаши президенти Антониу Кошта билан телефон орқали мулоқот қилган.

Президент матбуот хизмати маълумотига кўра, мулоқот чоғида Мирзиёев Коштани Европа Кенгаши раҳбари лавозимига сайлангани билан табриклаган. Португалиялик 63 ёшли сиёсатчи Антониу Кошта Европа Кенгаши президенти лавозимига ўтган йилнинг 1 декабридан киришган.

Хабарномада 2024 йили Ўзбекистоннинг ЕИ мамлакатлари билан товар айирбошлаш ҳажми 6 миллиард евродан ошгани, Европа ширкатлари билан лойиҳалар портфели 30 миллиард еврога етгани қайд этилган.

Мирзиёев билан Кошта мулоқотида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида “Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимнинг тез фурсатда имзоланиши ўзаро муносабатларнинг бутун мажмуини ривожлантиришга жиддий туртки бўлиши”га ишонч билдирилган.

Ўзбекистон президенти ўтган йилнинг июль ойида Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйенга йўллаган табрик мактубида Ўзбекистон ЕИ билан муносабатларда мутлақо янги саҳифа очадиган Кенгайтирилган ҳамкорлик ва шериклик тўғрисидаги битимни тез орада имзолаш тарафдори эканини маълум қилган эди.

Мирзиёев ва Коштанинг кечаги мулоқотида, қайд этилишича, халқаро кун тартиби ва минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилган. Шунингдек, суҳбат чоғида апрель ойида Самарқанд шаҳрида ўтказилиши кутилаётган “Марказий Осиё - Европа Иттифоқи” биринчи саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма режалар ҳам муҳокама қилинган.