Кутилган "тебраниш". Ўзбекистонда картошка нархи қарийб икки бараварга ошди

Январь ойининг иккинчи ярмида Ўзбекистон бозорларида картошка нархи кескин кўтарилгани кузатилди.

Сўнгги ҳафтада Ўзбекистонда картошка нархи кескин ошиши кузатилмоқда.

Экспертлар картошка нархининг кўтарилганини Қозоғистоннинг Ўзбекистонга картошка экспортини олти ойга тўхтатиш ҳақидаги қарори билан боғламоқда.

Қарор бу маҳсулотнинг, хусусан, Ўзбекистонга экспорт ҳажми ошиши ва нархи кескин кўтарилиши манзарасида қабул қилинди. Расмий маълумотга кўра, 11 ой ичида Ўзбекистон импорт қилган картошканинг деярли 75 фоизи Қозоғистондан олиб келинган.

Қозоғистоннинг ўзида ҳам сўнгги ҳафтада картошка нархи қимматлагани туб аҳолининг норозилигига сабаб бўлмоқда.

Ўртача ойлик маоши ўзбекистонликларга нисбатан икки баравардан кўп бўлган Қозоғистонда айни пайтда картошка 30 фоизга қимматлаган. Ўзбек сўмига ўгирганда айни пайтда Остона шаҳрига яқин бўлган туманда бир кило картошка нархи 8 минг сўм атрофида бўлмоқда.

Халқ орасида “камбағалнинг овқати”, “ўзбекнинг иккинчи нони” деб таъриф бериладиган бу маҳсулот турининг қимматлагани кам таъминланган оилалар аҳволини янада оғирлаштиргани айтилади.

Ўзбекистон ҳукумати гарчи озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича бир қанча қарорлар қабул қилган бўлса-да, бозорларда гоҳ у, гоҳ бу маҳсулотнинг ҳаддан ташқари арзонлагани ёки қимматлагани кўп кузатилади.

Қарши шаҳридаги бозорда ҳам картошка нархи сўнгги бир ҳафта ичида 20-30 фоизга қимматлади:

"Ўтган ҳафта бир кило картошкани 6-7 сўмдан олаётган эдик, бугун 10 минг сўмга чиқибди. Ҳар килосига 3-4 минг сўмдан ютқазяпмиз. Оддий, ишсиз одамлар учун бу анча оғир", дейди қаршиликлардан бири.

Картошка импорти билан шуғулланадиган, исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик тадбиркорлардан бирининг айтишича, бозорларда бу маҳсулот тури қимматлаганининг сабабларидан бири, Россиядан қиш пайтида картошка импортининг тўхтаб қолганида:

“Ўзбекистонга Россиядан картошка келмай қўйди. Бунинг сабаби қиш, яъни қаттиқ совуқ бўлаётгани. Бу пайтда картошкани оддий вагонга ёки юк машиналарига ортиб бўлмайди, чунки совуқ уради. Рефрижератор вагонларда олиб келиш биринчидан жуда қиммат, иккинчидан эса “Ўзбекистон Темир йўллари”нинг раиси бўлган Очил Раматов борини ҳам йўқ қилди. Бундай вагонлар ҳозир саноқли қолган”.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мамлакат бозорларида вақт-вақти билан юз берадиган кескин тебранишлар пайтида ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга оид бир қанча чора-тадбирлар белгилаган.

Аммо экспертлар назарида бозор механизмларидан йироқ бу чора-тадбирлар кўпинча самара бермайди.

Исми сир қолишини сўраган, собиқ иттифоқ даврида халқ тилида “заготконтора” ёки матлубот уюшмаларининг тайёрлов бошқармаларидан бирининг бошлиғи бўлиб ишлаган тадбиркорнинг айтишича, нарх-навони ушлаб турувчи устунлар аллақачон йўқ қилинган:

“Собиқ иттифоқ пайтида қишин-ёзин картошканинг бир хил нархи ушлаб турилган. Дўконларда ҳар доим бир кило картошка 16 тийин бўларди. Чунки ўша пайтда, ҳар бир шаҳарда тайёрлов идоралари бўларди, улар аҳолининг сонига, боғча, касалхона каби бюджет ташкилотларининг эҳтиёжига қараб маҳсулот сақларди. Етмагани бошқа республикалардан олиб келиб, запас қилинарди. Ҳозир бу тайёрлов идораларининг омборлари деярли қолмаган. Тошкентда “любая бизнес хороша” деган ҳоким борини бузиб, уйлар қуриб ташлади. Аҳолини картошка билан таъминлаш масаласи хусусий қўлларга ўтиб кетганидан сўнг ҳеч ким бу соҳани назорат қилмай қўйди”.

Тадбиркорнинг айтишича, бундай ҳолатларда ҳукумат интервенция қилиши керак, яъни эҳтиёж сезилаётган маҳсулотларни зудлик билан олиб келиш чораларини кўриши керак.

Президент ҳузуридаги Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг 11 ойида Ўзбекистонга 627 минг тонна картошка импорт қилинган. Бу ҳажмнинг 74,2 фоизи ёки 465,2 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

Сўров: Нарх-наво сизга қандай таъсир қилмоқда?

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотига кўра, аҳолининг картошкага бўлган бир йиллик талаби 4 миллион тоннани ташкил этади.

Ўтган йилда эса Ўзбекистонда 3.7 миллион тонна картошка етиштирилган, шунинг 600 минг тоннаси уруғлик учун ажратилган.

Исми сир қолишини сўраган ўзбекистонлик фермерлардан бирининг айтишича, вазирлик берган маълумот шубҳали.

“3,7 миллион тонна рақами қаердан олинган. Фермерлар етиштирганми, картошкачилик хўжаликлари етиштирганми ёки аҳолининг томорқасида етиштирилган картошка ҳам ҳисобга олинганми. Масалан бизнинг қишлоқда ҳамма ўзининг эҳтиёжи учун бироз картошка экади, лекин ҳеч ким келиб ундан қанча картошка олдинг деб сўрамаган. Балки МФЙлар осмондан олинган рақамларни ёзиб бергандир”

Вазирлик берган маълумотга кўра, 2024−2025 йил қиш ва баҳор мавсуми учун маҳаллий ҳокимликлар томонидан жалб қилинган тайёрлов корхоналари томонидан 245,5 минг тонна картошка захирага жамғарилган ва айни пайтда бу картошка сотувга чиқарилган.

Агар вазирлик маълумотига ишониладиган бўлса, бугун бозорларда картошка нархи тушган ва нарх-наводаги тебраниш сокинлашган бўларди.

Бироқ, 3−21 январь кунлари Тошкентдаги «Янги Қўйлиқ» бозорида 37−85 фоизга қимматлаган картошка нарх ташламади. Аксинча, ўсишда давом этмоқда.

"бир ҳафта олдин 6 минг сўмга олгандим. Ҳозир ўн минг сўмдан ошиб кетибди. Ҳозир ким ҳам бунча пулга картошка сотиб ололади, қийин, жуда қийин бўлиб кетяпти", деди Тошкентнинг "Эски жува" деҳқон бозоридаги харидорлардан бири.

Ўзбекистон ўзини ўзи картошка билан тўлиқ таъминлай олмайди. Картошка сувли ва салқин ҳудудларда яхши ҳосил берадиган ўсимлик.

Фермерлар ва аҳолининг ўзининг томорқаларида эккани ўзидан ортмайди. Картошка ҳамма вақт ташқаридан олиб келинган. Ҳар йили Ўзбекистон аҳолиси бир миллион тоннадан ортиқ импорт картошка истеъмол қилади.

“Ўзбекистон ерида ҳамма нарса кўкаради, деб жар соламизу, ўзимиз Покистондан ёки Қозоғистондан картошка сотиб олиб еймиз. Аслида бу Ўзбекистон учун уятли ҳолат. Нега шундай бўляпти? Асосий сабаб, ҳали ҳам пахта ва ғалла монополиясидан воз кечилмаганликда, ҳали ҳам қишлоқ хўжалиги экинларини ери, иқлими ва шароитига қараб тўғри районлаштира олмаганимиздадир”, дейди бўкалик фермерлардан бири.

Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди

ZIMISTON-UZ. 20-qism: Камбағал оилалар овқатига сабзавотларни санаб ишлатяпти

Ўзбекистон Рақобат қўмитаси томонидан Тошкент шаҳридаги "Фарҳод деҳқон бозори" ва "Юнусобод деҳқон бозори"даги картошка нархлари таҳлил қилинди.

Бозор маъмурияти захирада 24 тонна картошка борлигини айтди.

Албатта, юз минглаб одам яшайдиган ҳудуд учун 24 тонна картошка захираси ҳеч нарса бўлмайди. Бу бозорда ҳам бугун картошка 10 минг сўмдан сотилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг иддао қилишича, картошка импорти фақат Қозоғистонга боғланиб қолмаган. Айни пайтда Покистон, Қирғизистон ва Афғонистондан ҳам картошка импорт қилиш йўлга қўйилган.

Ўзбекистонда 3,2 млн гектар суғориладиган экин ер бор. Аммо бу ерларнинг асосий қисми пахта ва буғдой учун ажратилган.