Линклар

Шошилинч хабар
23 январ 2025, Тошкент вақти: 21:50

Ўзбекистон Украинада руслар томонида урушган фуқароларига енгил жазо бермоқда. Нега?


Ўтган йил декабрида Ўзбекистон суди ўндан ортиқ украиналикни ўлдирганига иқрор бўлган андижонликка “озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

“Газета.уз” нашрининг ёзишича, 39 ёшли Т.А. 2023 йил апрель ойида мавсумий иш топиш мақсадида Москвага борган ва ўша ерда Россия Мудофаа вазирлиги томонидан ёлланиб, Украинадаги урушга юборилган.

“2023 йил июль ойининг охирида у Украинанинг Шахтёрск ва Бахмут шаҳарларига юборилган ва у ерда тожиклар ва бошқа чет элликлар билан учрашган. 2023 йилнинг ноябригача бўлган жангларда айбланувчи, ўзининг тан олишича, 10 дан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирган,” деб ёзади нашр.

Судланувчи одам ўлдиргани, яхши хизмат қилгани учун разведка бўлимига ўтказилгани билан ҳам мақтанган. 2023 йилнинг ноябригача бўлган жангларда Т.А., ўзининг тан олишича, 10 дан ортиқ украиналик ҳарбийни ўлдирган.

Ўзининг сўзларига кўра, у ваъда қилинган катта товон пули ва ҳарбий маошига қизиқиб шартномага қўл қўйган ва икки ойлик ҳарбий тайёргарликдан ҳам ўтган. Ўзбекистонлик ёлланма аскар руслар ваъда қилган пулнинг ярмисини фақат биринчи ойда олган - кейин тўловлар тўхтаган.

Украина. Ўзбек мигрантлари Украинадаги урушга ёлланмоқдами?
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:12:08 0:00

Т.А. 2023 йил 31 декабрь куни Ўзбекистонга қайтган ва ҳибсга олинган.

Жиноят ишлари бўйича Андижон шаҳар судьяси Отабек Мамажонов уни Ўзбекистон Жиноят кодекси 154-моддасининг 1-қисми ва 154−1-моддасининг 1-қисми, яъни “ёлланиш” ва “хориж армиясига ҳарбий хизматга кириш“ асосида 4 йил 2 ой “озодликдан чеклаш” жазосини тайинлади.

Кузатувчилар "озодликдан чеклаш" бу уй қамоғининг бир тури бўлиб, жазоланувчи айрим ҳуқуқлардангина , масалан вилоятни тарк этиш ва тунда кўчага чиқиш ҳуқуқидан маҳрум этилишига эътибор қаратишмоқда.

Россиянинг Украинага қарши уруши бошланганидан буён расмийлар Ўзбекистон фуқароларини хорижий армия сафларига қўшилмаслик ҳақида огоҳлантириб келади. 2022 йил сентябрида Ўзбекистон Бош прокуратураси хориждаги фуқароларни қонунчиликда бу каби жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилгани ҳақида огоҳлантирган.

Ўтган йил октябрида Ўзбекистоннинг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси ватандошларни хориждаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишдан тийилишга чақиргани қатор россиялик сиёсатчиларнинг норозилигига сабаб бўлди.

Ўзбекистон ва Украинадаги фаоллар ўзбек судлари сўнгги пайтларда ўзга мамлакатга қурол кўтариб бориб, одам ўлдирган шахсларга енгил жазо берилаётир, демоқда.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаевнинг ёзишича, бу каби жазо ўзбекистонликларнинг чет эллардаги жанговар ҳаракатлардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш билан баробар.

“Сиз ойлаб, йиллаб хорижий давлатда ёлланма жангчи бўлиб хизмат қиласиз, қанчадан-қанча одамларни ўлдирасиз, уйини куйдирасиз ва Ўзбекистонга бош эгиб келиб, “оилам оғир аҳволда эди, пулим йўқ эди, қийналиб кетгандим”, деб тан олсангиз, тамом, бағрикенг ўзбек суди сизга ҳеч қанақа уруш кўрмаган Ўзбекистон фуқароси каби обод ўлкада озод яшаш имконини яратиб беради. Худди “Россия армиясига қўшил, Украинага қарши жанг қил ва топган пулингга Ўзбекистонда мазза қилиб яша” деган махсус акцияга ўхшайди,” деб ёзади журналист.

Олдинроқ Фарғона вилояти Қўштепа туман суди Россия томонида Украинага қарши жанг қилган ва Россия фуқаролигини олган 22 яшар ўзбекистонликка “жазони енгиллаштирувчи ҳолатларни ҳисобга олиб”, шартли 3 йил синов муддати белгилаганди.

У Россиядан депортация қилиниш хавфи остида урушга боришга розилик берганини айтган.

"Енгиллаштирувчи ҳолат"

Ўзбек судларининг Украина урушида қатнашаётган ўзбекистонлик ёлланма аскарларга бераётган енгил жазолари Украина жамоатчилиги эътиборидан четда қолгани йўқ.

Улар орасида Григорий Пирлик - украиналик журналист, "Украина — Марказий Осиё" телеграм-канали муаллифи ҳам бор.

Озодлик билан суҳбатда Пирлик ушбу суд қарорлари унда Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ва судига кўплаб саволларни туғдирганини айтади:

- Ўзбекистон ватандошига чиқарилган бу ҳукм, жумладан Украина ахборот воситалари орқали фаол тарқатилди. Аммо одамлар бу хабарга эътибор етарли қаратишмади. Ҳукм аслида мени ғазабимни қўзғатди… Судья Отабек Мамажонов енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ёлланма йигитнинг уч нафар фарзанди борлигини инобатга олибди. Судья Мамажонов Украинада ўлдирилган маҳкумларнинг фарзандлари ҳақида ўйлаб кўрдими? Терговга Украина ҳуқуқ-тартибот идораларини жалб қилишга ҳаракат қилдими? 10 нафар украиналик аскарнинг ўлдирилиши текшириб кўрдими?

Судья ҳукмнинг оқибатларини таҳлил қилдими? Бундан чиқди, ҳар қандай Ўзбекистон фуқароси Россия армиясига бориб, пул ишлаб, украиналикларни ўлдириши ва, энг муҳими, ўз вақтида айбига иқрор бўлиб, “жазони енгиллаштирувчи ҳолат” сифатида фарзандларини пеш қилиши мумкин экан-да?!

Суҳбатдошнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукумати бу масалага жиддийроқ эътибор қаратиши ва ўз фуқароларини ўзга мамлакатдаги урушга ёлланишига қарши ташвиқотни кучайтириши лозим.

- Ўзбекистон, Қирғизистон фуқароларининг Россия ички ишлар бўлимларига чақиртириб, уларни қўрқитиб, урушга жўнатаётган Россия онгли равишда бошқа давлат ватандошларини хавф остига қўймоқда. Ёки қамоқхоналарда мажбурлаб олиб кетаётир. Демак, бу давлатлар эса ўз одамларини ҳимоя қилишдан манфаатдор бўлишлари керак. Бу урушда нейтралликни ёқлаб чиққан Марказий Осиё давлатлари Украина-Россия урушида қатнашган фуқароларига енгил жазо бермасликлари керак, деди "Украина — Марказий Осиё" телеграм-канали муаллифи.

Григорий Пирлик Озодлик билан суҳбатда бугунги кунда Украинада асирга олинган яна бир ўзбекистонлик устидан суд маҳкамаси ўтганини ёдга олди.

Муҳриддин Бойжонов устидан суд 2025 йилнинг 13 февралига белгиланган.

Самарқандлик асир Украина Жиноят Кодексининг 447-моддаси 4-қисми, яъни “ёлланиш” асосида жиноий жавобгарликка тортилгани маълум бўлди. Суд ҳужжатларига кўра, 2022 йил август ойида у Раҳматулла Аҳмедов исмли яна бир ўзбекистонлик таниши билан бирга Тамбовда урушга ёлланиб кетгани ва “Редут" хусусий ҳарбий ширкатида хизмат қилган. Шу йилнинг сентябридаёқ Изюм учун жангларда икковлон украин жангчилари томонидан қўлга олингани ва кейинчалик украин аскарларига алмаштирилгани маълум бўлди. Григорий Пирник ўзбек муҳожирлари алмаштирилганига қарамай, суд уларга 5 йилдан 10 йилгача қамоқ жазоси тайинлаши мумкин.

Суд жараёнида судланган ўзбекистонликлар Россия-Украина фронтида кўплаб ўзбек, тожикларни учратганини айтишган.

Хавфсизлик нуқтаи назаридан исмини ошкор қилмасликни сўраган тошкентлик таҳлилчи сўнгги бир йилда Ўзбекистон судлари Украинадаги урушда Россия томонида қатнашган фуқароларга нисбатан енгилроқ жазо тайинлай бошлагани сабабларини бундай тушунтирди.

“Ҳозирда Ўзбекистонда судлар Россия армиясига ёлланиш ва Украинадаги ҳарбий амалиётларда қатнашиш учун нисбатан енгил жазоларни амалда қўллаяпти. Қонунда назарда тутилганидан кўра енгилроқ жазо тайинланишининг асосий сабаби - Россия билан ўзаро шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига минимал таъсир кўрсатиш билан боғлиқ. Яъни Ўзбекистон бу масалада эҳтиёткорлик билан ёндашмоқда. Ҳақиқий ҳукмлар ўрнига шартли ҳукмлар тайинланяпти. Бу Россия билан боғлиқ вазият ўзгарса, шартли жазони ҳақиқий жазо билан алмаштириш қулай бўлиши учун қилинган. Судлар ҳар қандай ҳолатда ҳам сиёсатга хизмат қилади. Масалан, Ўзбекистон фуқароси ИШИД сафларида Сурия армиясига қарши жанг қилса, унга нисбатан қаттиқроқ жазо тайинланиши шубҳасиз. Гап Жиноят кодексининг ўша моддаси ҳақида кетяпти, фақат амалга ошириш ва қўллаш бошқача”, — дейди эксперт.

Урушдаги ўзбеклар

Украина Қуролли кучлари бош штаби 2023 йилнинг 22 июль куни фронтдаги вазият тўғрисида эълон қилган кунлик ҳисоботида Россия қўшинлари таркибида Ўзбекистон фуқаролари борлиги қайд этилганини маълум қилди.

Россия Телеграм-каналларида тарқалган видеода “Айфон” лақабли ёлланма жангчи видеога олаётган шеригидан уни YouTube'да эълон қилмасликни сўрайди. “Нега?” деган саволга у “Қамаб қўйишади!”, деб жавоб беради.

Украинага қарши Россия тарафида урушаётганлар орасида нафақат эркаклар - ўзбекистонлик аёллар ҳам бор. 6 нафар боланинг онаси эканини айтган самарқандлик аёл, ўзининг сўзларига кўра, эрининг ортидан “Россияни ҳимоя қилишга борган”.

2023 йилнинг февралида Озодлик Москва вилоятида бир нечта марказий осиёлик муҳожир кўмилган “Вагнер” хусусий ҳарбий компаниясига тегишли қабристонни топган эди. Дафн этилган муҳожирлар, жумладан ўзбекистонликларнинг барчаси "Вагнер"га Россия қамоқхоналаридан ёллангани маълум бўлган.

Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин берган маълумотларга кўра, мигрантларга қарши рейдлар натижасида аниқланган 10 000 дан зиёд ўзбек, тожик ва қирғиз меҳнат муҳожирлари Украина фронтига юборилган. Бу рақамлар, албатта, ҳозирга келиб анча кўп бўлиши мумкин. Улардан қанчаси нобуд бўлгани тўғрисида аниқ маълумот йўқ.

"Қурол билан Украинага келсанг ўлигинг қайтади!"

Россия қамоқхоналарида жазо муддатини ўтаётган ўзбекистонликларнинг яқинлари уларнинг Украинадаги урушга юборилиш хавфидан хавотир билдиришган.

Маълумотларга кўра, турмадаги босим шунчалар кучайганки, ундан қутулишнинг ягона йўли урушга кетишга розилик бўлиши мумкин.

Исмини очиқламасликни сўраган ўзбекистонлик аёл 4 йилдан бери Россия қамоқхонасида ўтирган акаси Мудофаа вазирлиги билан билмасдан шартномага қўл қўйиб қўйганини ўз хатида маълум қилди:

“Менинг акам А.А. яна 3 йил Россия қамоғида ўтириши керак. Кеча бизнинг уйга Россиядан қанақадир началник телефон қилиб, акамни урушга олиб кетишини айтган. Акам урушга боришга қарши. Ўзбекистон қандайдир чора кўролмайдими? Илтимос, ёрдам беринглар”

Озодлик ўзбекистонлик маҳкумнинг яқинлари билан суҳбатдан у таржимонсиз шартнома имзолаб қўйганини аниқлади.

Яқинлари Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонасига, Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар бўлими ва ҳатто прокуратурага мурожаат қилиб, бир хил жавоб олганини айтишди - “Бормасин, қандай қилиб бўлса ҳам урушга боришга кўнмасин ва уни ҳеч ким мажбурлаб олиб кетолмайди!”

Ўзбекистонлик Жаҳонгир Бозорбоев Украина армиясининг собиқ зобити, ҳозирда истеъфога чиққан.

- Россия тарафидан буларга буйруқ бўлган, деб ўйлайман. Ўзбекистон қонунларига аниқ қилиб, "иккинчи давлатга урушда қатнашиш жиноий жавобгарликка олиб келади", деб ёзилган. Ўзбекистон ичкарисидаги судлар Ўзбекистон қонунларини ҳурмат қиладиган бўлса, шу жазони бериши керак эди. Ҳозир Ўзбекистонда сиёсатни ёки юқоридагиларни озгина гапирадиган одамлар 6-7 йилга қамалиб кетяпти. Пул учун бошқа давлатга қурол кўтариб келган одамларга эса енгил жазо бериб қўйишяпти. Бу албатта тўғри эмас. Озодлик кузатувчилари менга "Сен ўзинг ҳам Украина тарафида урушдингку?" дейишлари мумкин. Мен ўзга юртга одам ўлдиришга бормадим - мен ўзим яшайдиган юртда ўзимни оиламни, фарзандларимни ҳимоя қилдим. Мени улар билан тентак одам тенглаштиради.

У ўзбекистонликларни Украинада муқаррар ўлим кутишини таъкидлайди:

- Украинага Россия тарафида пул ишламоқчи бўлган айниқса муҳожирлар шуни билингки, Украинада улар пропаганда қилганидек, миллатчилар йўқ. Украинлар ўз ерларини ҳимоя қиляпти. Мен ўзбек бўлиб бу ерда неча йиллардан бери яшайман, лекин ҳеч ким менга сен "қора", "чуркасан" деб айтмаган. Россияда эса кўп марта учратганман. Сиз бу Украинага пул учун келадиган бўлсангиз - тирик қайтмайсиз! Мен украинларнинг қандай жанг қилишини ҳам, русларнинг четдан келганларни "гўшт" сифатида ўлимга жўнатишини ҳам яқиндан биламан.

Айни пайтда, Ўзбекистонга қўшни давлатларда хориж армиясига ёлланганларга қандай жазо берилмоқда?

Қирғизистон суди “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатига ёлланиб, Украина урушида қатнашган 27 ёшли Бекназар Бўригул уулуни 5 йил озодликдан маҳрум этди. 2024 йил июнида ёлланма жангари Норин туман суди қарори билан муддатдан олдин озод этилди.

Бундан аввал 2023 йилнинг майида 31 ёшли Асқар Кубаничбек уулу 10 йилга кесилган эди. Бироқ кейинроқ Олий суд бу қарорни ўзгартирган ва ишни қайта кўриб чиқишга жўнатган Натижада Бишкекнинг Первомай туман суди унга нисбатан жазони енгиллаштирди, 7 йилга озодликдан маҳрум қилди ва суд залидан озод қилди ва уч йиллик жазони чеклаш муддати тайинлади.

Кузатувчилар бундай енгил жазолар Россия ҳукумати томонидан қилинаётган қаттиқ босим остида қабул қилинаётганини гапирмоқда. Аскарнинг ҳимоясига қатор рус сиёсатчилари отланди.

Россия фуқаролигини олган Аскар Кубаничбек уулу яна Украина урушига қайта ёллангани хабари чиқди.

Қозоғистонда бу масалага бирор муносабат бироз жиддийроқ.

Шу йилнинг январ ойида Қозоғистоннинг Сатпаев шаҳар суди “Вагнер” ХҲШ таркибида Россиянинг Украинага бостириб киришида иштирок этган исми ошкор этилмаётган маҳаллий фуқарони 4,5 йилга озодликдан маҳрум қилганди.

Озодлик Россия армяси сафларида Украинага қарши ҳарбий ҳаракатларда қатнашган муҳожирларга чиқарилаётган суд ҳукмлари юзасидан Украинанинг Ўзбекистондаги элчихонасига мурожаат қилди.

“Жиноят иши бўйича мамлакат фуқаросига нисбатан мамлакат суд ҳокимияти, мамлакат ЖК ва бошқа идоралар суриштирувлари асосидаги ҳукми давлатнинг ички иши ҳисобланади”, дейилади элчихона жавобида.

Қарийб 3 йилдан буён давом этаётган Россиянинг Украинага қарши урушида, ўн минглаб одам қурбон бўлди, миллионлаб одамлар бошпанасиз қолди. Уруш иккинчи жаҳон урушидан сўнг қарор топган дунё тартибини издан чиқарган ва хавфсизликка путур етказган.

Путин ҳукумати “урушни, ўзининг таъбирича, “ғалабагача” давом эттиришга, АҚШнинг янги маъмурияти эса уни тезроқ тугатишга ваъда бермоқда.

Айни пайтда Россияда юрган миллионлаб ўзбекистонлик муҳожирлар уруш домига тортилиш хавфи остида қолаётир.

Расмий Тошкент Россиянинг Украинага босқини юзасидан "нейтрал позицияда" эканини айтган, аммо Тошкентдаги ғарблик дипломатлар бу позиция Москвадан кўра Украинага нисбатан кўпроқ нейтрал эканига эътибор қаратишган

Форум

XS
SM
MD
LG